Click to listen highlighted text! GSpeech
A- A A+
Vinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo Slider

Қонун барча ташувчи учун баробар, уни четлаб ўтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

Истаймизми йўқми, транспорт тизими ҳамиша жамоатчилик эътиборида. Айниқса, жамоат транспорти, унинг ютуқ ва камчиликлари одамларнинг диққат марказида бўлади. Шу маънода бугун пойтахт транспорти тизимида амалга оширилаётган ишлар, қўлга киритилаётган муваффақиятлару, йўл қўйилаётган камчиликлар — барчаси эътиборда. Айниқса, кун сайин ижтимоий тармоқларнинг ривожланиб бораётгани, шу орқали жамоатчилик назоратининг янада жонланаётгани, албатта, соҳанинг ривожланишига, ундаги муаммоларнинг ўз вақтида бартараф этилиб, айбдорларга нисбатан чора кўришга асос бўлмоқда.

Буни биргина “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг телеграмдаги канали орқали мунтазам ёритиб борилаётган мақолалар хилма-хиллигидан ҳам кўриш мумкин. Айниқса, йўловчилар томонидан йўлланган турли видео ҳамда аудио ва ёзма мурожаатлар, кўтарилган муаммоларга нисбатан кўрилган чоралар, белгиланган тадбирлар борасидаги тезкор муносабатларнинг эълон қилинаётгани жамоатчиликда юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларга барҳам бермоқда.

Ишлаб келаётган тизим борасида бирор муносабат билдириш, ундаги муаммоларни кўтариш, ечим излаш албатта, қувонарли ҳол. Аммо, сиз билан биз йўловчи сифатида масалага холис нигоҳ ташлашимиз, ўртага қўйилаётган муммонинг асл сабабларини ҳам кўра олишимиз, унга тўғри муносабатда бўлишимиз лозим.

Шу маънода бугун “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тасарруфидаги йўналишлар ва улардаги муаммолар хусусида фикр юритишда сабаблардан ҳам кўз юммаслик даркор. Айниқса, тизим фаолиятига ҳалал бераётган, йўловчиларни жамоат транспортига ишончсизлигини уйғотишга хизмат қилаётган ноқонуний ташувчилар хусусида ҳам холис фикрни айта олишимиз шарт.

Ҳеч кимга сир эмас, дунёнинг исталган мамлакатини кўрсангиз жамоат транспорти, айниқса, пойтахт транспорт тизими давлат кўмаги билан фаолият юритади. Иқтисодчилар тилида айтганда “дотацияда ўтиради”. Кўрилган зарар давлат томонидан қоплаб берилади.
Бундан мақсад, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда транспорт хизматининг ҳам улушини ошириш, кўрсатилаётган хизматларда қулайликлар қамровини янада кенгайтиришдир.
Бунга мисол тариқасида пойтахт жамоат транспорти тизимида 2016 йил 1 апрелдан буён йўл ҳақи тарифларининг ўзгармай келаётганлигини келтириб ўтиш мумкин.
Аммо бугун барча соҳада бўлгани сингари транспорт тизимида ҳам тадбиркорликка кенг йўл очилиб, улар учун барча имкониятлар яратилмоқда. Афсуски, яратилган бундай шарт-шароит ва имкониятлардан фойдаланмай, ноқонуний йўлни танлаётган “уддабурон”лар сўнгги пайтларда кўпайиб бормоқда. Улар фақат ўз чўнтагини ўйлаган ҳолда солиқ ва бошқа тўловлардан қочишга уринишмоқда. Бунинг бош сабаби эса соҳада назоратнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилгани билан боғлиқдир.
Муҳтарам Юртбошимиз ўтган йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳри туманларида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш асносида бир қатор топшириқлар ҳам берганди. Шулардан бири аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қўшимча янги автобус йўналишлари очиш масаласи эди.

Шундан келиб чиқиб, жорий йил бошида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан 120А — “Чорсу метро бекати — Келес шаҳри” ҳамда 183А — “Бинокор қўрғони — Дўстлик метро бекати” йўналишлари ташкил этилди.

Минг афсуски, орадан ўтган шунча вақт оралиғида ҳам мазкур йўналишдаги автобуслар қатнови кўнгилдагидек кечмаяпти. Боиси, ушбу йўналишларни йиллар давомида эгаллаб улгурган, унга бегоналарни яқинлаштиришни истамаётган ноқонуний ташувчиларнинг ҳамон фаолият юритаётганлигидир.
Ўрганишлардан маълум бўлишича, икки йўналишнинг ҳар бирида юздан зиёд “Дамас” русумли машиналар қатнайди.
Агар Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори асосида йўловчи ташишда мазкур турдаги автомашиналардан фойдаланиш таъқиқланганлигини инобатга олсак, мутасадди ташкилотлар томонидан бу борадаги назорат ишлари қанчалик ўз ҳолига ташлаб қўйилгани янада ойдинлашади.

Ушбу йўналишларда қатнашни бошлаган автобус ва Дамас ҳайдовчилари ўртасида юзага келган зиддиятли вазиятлар, автобусларга етказилган зарарлар хусусида сўз очсак “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг ярасига туз сепган бўламиз.
Дамас ҳайдовчилари автобусларни йўналишлардан чиқариб юбориш мақсадида ғилдиракларини тешиб қўйиши, йўлларда ҳаракатланишига ҳалақит бериш ҳолатларининг ҳамон давом этаётгани автобус ҳайдовчилари ва автосарой мутасаддиларида кескин норозиликларни келтириб чиқармоқда.

Бундан ташқари, ушбу ноқонуний қатнаётган Дамас эгаларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини менсимай, уловни истаганларича бошқаришлари, бекатларда автобуслар тўхташига ҳалақит бериб, йўловчилар ҳаётини хавфга қўяётганлари ҳам муаммонинг яна бир жиҳатидир.

Бу каби ҳолатлар эса ушбу йўналишларни ёпиш масаласини кўндаланг қилиб қўймоқда.

Бундай ноқонуний ташувлар биргина мазкур йўналишларда бўлса, қани эди. Афсуски, шаҳарнинг исталган бурчагида бу каби ҳолатларни учратиш мумкин. Чорсу, Қўйлиқ, Янгиобод, Авиасозлар, Юнусобод, Фарҳод бозори ва бошқа қатор масканлардан турли йўналишлар бўйича қатнаётган юзлаб Дамаслар хусусида бирор сўз айтиб, эслатишнинг ўзи ортиқча назаримизда.

Тўғри, йўловчилар айни масалада автобус қатновидаги камчиликларга эътироз билдириб, ноқонуний қатнаётган транспорт воситаларини ёқлашлари мумкин, албатта. Аммо, таъкидлаш жоизки, автобусларни йўналишларга тақсимлаш, жойлаштириш, улар қатновини тизимли йўлга қўйишга ушбу ноқонуний ташувчиларнинг ҳалақит бераётгани айни кунда тизимнинг асосий муаммоларидан эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Боиси, қайси йўналишга яна қанча автобус қўшиш керак, қай бир йўналишда автобус турларини ўзгартириш лозим? Бу каби масалаларни ўрганиш, мониторинг қилишга сохта тадбиркорлар тўсиқ бўлаётир. Яъни жойлардаги транспортга бўлган ҳақиқий талабни ўрганиш имкони чекланиб қолмоқда.

ХУЛОСА
Албатта, ҳали тизимда бундан ҳам бошқа қатор муаммолар мавжуд. Уларни ҳал этиш, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизмати сифатини яхшилашда эса барча мутасадди ташкилотлар ўзаро ҳамкорликни тўғри йўлга қўйишлари, энг асосийси, тизимга масъул барча ходимлар ўз вазифаларини тўла амалга оширишлари лозим. Шундагина мазкур соҳани ислоҳ қилиш, бугун йўловчиларни норози қилаётган муаммоларга барҳам бериш мумкин.

Ирода НОРБОЕВА

Avtobus buyurtmasi
1062 Ishonch telefoni
mg.uz
my.gov.uz
tshtx.uz 

Foydali resurslar

edportal  fondbozori
gov.uz my.gov.uz
lex.uz cert.uz dc.uz
gis.uz strategy.gov.uz Ctrl+Enter

Aloqa uchun muloqotlar

Umumiy bo'lim
Tel.: (+998 71) 233-89-21
Faks: (+998 71) 233-34-40
Xorijiy hamkorlar bilan muloqot qilish uchun telefoni / Phone for communication with foreign partners: (+998 71) 233-52-63

Yangiliklarga obuna boling

Xozir saytda 1229 mehmon

Yandex.Metrika

 

Click to listen highlighted text! GSpeech