Click to listen highlighted text! GSpeech
A- A A+
Vinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo Slider

ТРАНСПОРТ ТИЗИМИ “ЎЛИБ ҚОЛГАН” ЭМАС

Яқинда «Кун.уз» сайтида «Картошка эмасмиз» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда пойтахт жамоат транспортининг муаммолари кўтарилиб, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ фаолиятига салбий муносабат билдирилган. Мақолани ўқиган киши гўёки пойтахт жамоат транспорти тизими мутлақо ҳаракатдан тўхтаган деган хулоса чиқариши учун атайин уриниш бордек, назаримизда. Ёки муаллиф (афсуски мақола муаллифнинг исм-шарифи ҳам кўрсатилмаган) умуман жамоат транспорти тўғрисида маълумотга ва ўз фикрига эга эмас. Акс ҳолда қарийб 6 000 дан зиёд ходим меҳнат қилаётган ва бугун тармоқ автокорхоналари томонидан бир кунда 600 000 йўловчига транспорт хизмати кўрсатаётган “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳақида бирёқлама фикр билдириб, йўловчиларда салбий муносабатни уйғотишга ҳаракат қилинмаган бўларди.

Тўғри, мақолада тилга олинган муаммолар соҳа фаолиятида учраётгани рост. Аммо бу бутун бошли тизим ишламаяпти ёки мутлақо яроқсиз, дегани эмас.

Мақола муаллифи соҳанинг ичига кириб бориб, бугунги кунда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тамонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот бериб, шу аснода йўл қўйилган камчиликлар, учраётган муаммолар, уларнинг сабабларини кўрсата олганда эди, масалага тўғри ёндашилган дейиш мумкин бўларди.

Мақолада келтирилган аксарият ҳолат ва воқеалар бир йил аввал содир бўлгани ҳолда унинг аниқ маълумотлари кўрсатилмаган. Масалан, йўловчи Озода Валиева 131- ҳамда 116-йўналиш ҳақида ўзининг муносабатини баён этган. Гўёки бу икки йўналиш бир-бирига рақиб. Қатновлар оралиғи жуда узоқ.

Энди савол туғилади, бу қачонги гап? Боиси, давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ўтган йили охири ва жорий йилнинг биринчи чорагида шаҳар жамоат транспортига 160 та янги “МАN А22 CNG” ҳамда “SAZ LE 60” русумли катта ва ўрта сиғимли автобуслар келтирилди. Уларнинг имконияти чекланган йўловчилар учун пандус ва кондиционер билан жиҳозлангани пойтахт жамоат транспоти тарихида илк воқеа эканлигини ҳам унутмаслик лозим.

Йўловчилар оқими ва талабни ҳисобга олган ҳолда ушбу янги “МАN” русумли автобусларнинг 14 таси айнан 131-йўналишга бириктирилди. Натижада 18 та ҳаракат жадвали асосида 18 та автобус қатнови тўлиқ йўлга қўйилди. Айни кунда мазкур йўналишда оралиқ қатнов вақти 7-8 дақиқага туширилди.

116-йўналишга ҳам 12 та “Мерседес-Бенц” автобуслари бириктирилган. Оралиқ интервал 9-10 дақиқани ташкил этади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, янги автобусларнинг келтирилаётгани йўналишлардаги оралиқ вақтларнинг қисқаришига олиб келаяпти. Буни сўнгги пайтларда йўловчиларнинг ўзлари ҳам таъкидлашмоқда. Айниқса, тўлиқ янги автобуслар бириктирилаётган йўналишлардан фойдаланувчи йўловчилар ҳатто жамият раҳбарияти номига миннатдорчилик мактубларини йўллашмоқда.

Албатта, транспорт хизматини бенуқсон йўлга қўйиш жамият раҳбариятининг энг асосий вазифаси бўлиб, бугунги кундаги барча саъй-ҳаракатлар ана шу мақсадга қаратилган.

Йўловчи Машҳура Раҳмонова томонидан 79-ҳамда 69-йўналишлар бўйича ҳам эътироз билдирилган.

Бугунги кунда йўловчилар оқимидан келиб чиққан ҳолда 79-йўналишда “Исузу” русумли автобусларнинг 6 та ҳаракат жадвали ўрнатилган. Оралиқ интервал йўловчимиз айтганидек 20-25 дақиқани ташкил этади.

69-йўналишда эса “Мерседес-Бенц” автобуслари 23,1 километр масофа оралиғида 8 та ҳаракат жадвали асосида юради. Бу — қатновлар оралиқ вақти 15-20 дақиқа деганидир.

Ушбу икки йўналишдаги автобусларнинг бир-бири билан пойга ўйнаши масаласига келсак, бунда йўловчимиз аниқ маълумотни тақдим этсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Боиси, ана шундай воқеа юз берган сана ва автобуснинг ҳеч бўлмаганда давлат рақами тақдим этилса ёки жамиятнинг телеграмм ижтимоий тармоғидаги “@aotshtx_bot” мурожаатлар қабул қилиш ботига маълумот жўнатилса, қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан ўрнатилган тартибда, албатта, чора кўрилар эди.

Масалан, шу каби аниқланган камчиликлар натижасида охирги тўрт ой ичида 20 нафардан зиёд ҳайдовчига турли интизомий чоралар кўрилди. Яна 10 нафардан зиёд ҳайдовчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Бугунги кунда ҳар бир автобусда GPS трекерлари ишлаб турибди. Ана шу назорат тизими орқали ҳам кўплаб қоидабузарликлар аниқланмоқда. Айниқса, GPS трекерларини сунъий равишда ўчирган ёки унга қасддан зарар келтирган ҳайдовчиларга юқоридаги каби кескин жазо чоралари қўлланмоқда.

Мақолада исм-шарифи келтирилган йўловчи Раъно Пўлатова эса 2018 йил 25 июлда давлат рақами 11|211НСА бўлган 97-йўналишдаги автобус бекатда тўхтамай ўтиб кетгани ҳақида гапирган. Айни дамда 2019 йилнинг май ойи эканлигини назарда тутсак, бу масалада кимга қандай чора қўллаш ҳақида ўйлаб қоласан.

Шу ўринда яна бир гап, йўловчиларимиз ҳайдовчилар томонидан ана шундай содир этилаётган турли ножўя хатти-ҳаракатлар, қоидабузарликларга гувоҳ бўлганлари заҳотиёқ жамиятнинг “1062” ишонч телефонига ёки юқорида келтирганимиз телеграмм ботга автобуснинг давлат рақами ва воқеа содир бўлган жой ва сана ҳақида ўз вақтида хабар берсалар айбдорларга нисбатан чора қўллаб, юз бериши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олган бўламиз. Аммо, мавҳум маълумотлар, умумий гаплар билан эса бирор бир натижага эришиб бўлмайди.

Раъно Пўлатова яна 90-йўналишда бепул юриш ҳуқуқини берувчи ҳужжат амал қилмаётгани ҳақида ҳам гапирган.

Шу ўринда бир маълумотни эслатиб ўтиш ўринли. Пойтахтдаги айрим йўналишларда хусусий ташувчилар томонидан транспорт хизмати кўрсатилади. Шулардан бири 90-“Саодат савдо маркази — Юнусобод 19-мавзе” йўналишида “Раф” хусусий корхонаси хизмат қилади. Энг муҳими, ушбу йўналишларда ҳам барча имтиёз берувчи ҳужжатлар амал қилади. Боиси, хусусий корхоналар “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ билан шартнома асосида фаолият юритади. Жамият томонидан уларга жетон ва ойлик йўл чипталарининг пуллари тўлаб берилади.

Ана шундай вазиятда ҳам йўловчилар жамиятнинг ишонч телефони орқали мурожаат қилишлари сўралади. Шунга асосан хусусий ташувчиларга нисбатан тегишли молиявий чоралар кўрилади.

“Кун.уз” сайти эълон қилган мақолада яна 199-ҳамда 147-йўналишларда содир бўлган ҳолатлар хусусида ҳам эслатиб ўтилган. Содир бўлаётган ҳар бир ҳолат ва уларга кўрилган чоралар бўйича жамиятнинг телеграмдаги канали орқали маълумотлар изчил эълон қилиб борилмоқда.

Мулоҳаза ўрнида бир гап: Жамоат транспортини тартибга солишда жамият тарафидан кўрилаётган чораларнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун кенг жамоатчилик бирёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши, тўғрироғи, соҳа кишиларига бу борада кўмаклашишлари мақсадга мувофиқ. Бунинг учун эса жамоат транспорти билан боғлиқ ҳар бир нохуш ҳолат юзасидан аниқ маълумотлар асосида юқорида эслатилган манзиллар бўйича мурожаат қилишлари кифоя.

Бугун жамоат транспортини ана шундай муаммолар гирдобидан қутқариш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Шулардан энг асосийси Тошкент шаҳрида транспорт тизимини тубдан янгилашга қаратилган Концепциядир. Айни кунда уни тайёрлаш ва такомиллаштириш жараёни кетмоқда. Бунинг учун кўплаб ривожланган мамлакатларнинг тажриба ва соҳада эришган муваффақиятлари ўрганилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида тайёрланаётган мазкур ҳужжатда тизимга оид кўплаб жиҳатлар қамраб олинган. Бекатлар жойлашувидан тортиб автобуслар учун алоҳида йўлаклар ажратиш масаласи ҳам Концепцияда кўндаланг қўйилган.

Жамият бошқаруви раисининг автобусларга кузатув камераси ўрнатилиши ҳақидаги ваъдаси ҳам мақолада эслатиб ўтилган. Албатта, айтилган гап отилган ўқ, дейди халқимиз. Бу масалада ҳам аллақачон ҳаракатлар бошлаб юборилган. Айни кунда бир қатор ташкилотларнинг видеокузатув камералари синов тариқасида автобусларга ўрнатилган. Ушбу камераларнинг техник имкониятларини ўрганиш жараёни якунланиш арафасида. Автобуснинг техник талабларига мос камералар яқин кунлардан ўрнатила бошлайди ва бу қисқа фурсатда якунланади.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги барча ҳаракатлар мақолада тилга олинганидек жамоат транспортини Ситиларга мос ҳолга келтиришга қаратилган.

Ура, ура билан ишни чала қилгандан кўра, бироз кечикса-да мукаммал амалга оширилгани, маъқул назаримизда. Чунки, йиллар давомида шошма-шошарлик билан қилинган ишларнинг қандай натижа бераётганини барчамиз кўриб билиб турибмиз.

Тўғи, ҳали пойтахт жамоат транспорти тизимида ўз ечимини кутаётган муаммолар жуда кўп, камчиликлар ҳам таъкидлашга арзигулик ададда топилади. Аммо, бу юқорида таъкидлаганимиздек, тизим ва унинг бошида турганлар мутлақо ишламапти, дегани эмас.

Шундай экан, азиз йўловчиларимиздан транспорт тизимини яхшилашга уни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда ўз эътибор ва масъулиятлари билан ҳисса қўшишларини тилардик. Ва энг муҳими, бирор соҳа ёки тизимга баҳо бераётганда холисликни йўқотмасликни, фикр-мулоҳазалар бир тарафлама бўлиб қолмаслигини сўраб қолардик.

 

Avtobus buyurtmasi
1062 Ishonch telefoni
mg.uz
my.gov.uz
tshtx.uz 

Foydali resurslar

edportal  fondbozori
gov.uz my.gov.uz
lex.uz cert.uz dc.uz
gis.uz strategy.gov.uz Ctrl+Enter

Aloqa uchun muloqotlar

Umumiy bo'lim
Tel.: (+998 71) 233-89-21
Faks: (+998 71) 233-34-40
Xorijiy hamkorlar bilan muloqot qilish uchun telefoni / Phone for communication with foreign partners: (+998 71) 233-52-63

Yangiliklarga obuna boling

Xozir saytda 1617 mehmon

Yandex.Metrika

 

Click to listen highlighted text! GSpeech