Click to listen highlighted text! GSpeech
A- A A+
Vinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo SliderVinaora Nivo Slider

Yangiliklar

СОЛИҚ ИСЛОҲОТИ КОНЦЕПЦИЯСИ

Хабарингиз бор, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 29 июндаги фармони билан Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Ўзгаришлар жорий 2019 йил 1 январдан кучга кирди. Албатта у кенг жамоатчилик муҳокамаси натижалари ҳамда Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва халқаро экспертларнинг тавсияларидан келиб чиқиб, солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш вазифаларини амалга ошириш мақсадида қабул қилинди. Шу мазмундаги тушунтириш ва тарғиботни корхоналардаги молия ва бухгалтерия каби мутасадди бўлимларга етказиш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятида ўқув семинар бўлиб ўтди. Унда мутасаддилар барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш, шундан 0,1 фоизини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириш, фуқароларнинг айрим тоифалари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолиниши, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиш каби масалаларга тушунтириш беришди.

Ўз мухбиримиз

Жамоат маданиятидаги уч омил:

Ҳайдовчи, чиптачи ва йўловчи

Кўчага чиқдикми, ҳар биримиз йўл ҳаракати иштирокчисимиз. Шу боис ўз соғлиғимизни муҳофаза этиш учун ҳам йўл қоидаси талабларига риоя қилишимиз лозим бўлади. Бу тўғрида қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ёки қонун кимнидир жазолаш учун эмас, балки йўлларимизда хавфсизликни таъминлаш учун қабул қилинади. Унинг ижроси эса сизу биз­га боғлиқ. Мақсадимиз ҳуқу­қий демократик давлатда шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларга транспорт хизматини кўрсатиш экан, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолиши жоиз.

Йўл ҳаракати қоидаларини тартибга солувчи идоралар маълумотига кўра, кейинги пайтларда мамлакатимизда транспорт воситасини бошқаришда телефондан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик сони анча ўсгани қайд этилган. Телефонда гаплашиш ҳайдовчининг диққат-эътиборини чалғитиши билан йўл ҳаракати хавфсизлигига жид­дий таҳдид солади. Шу­нинг учун бу турдаги ҳуқуқ­бузарлик учун жавобгарлик кучайтирилган.

Кейинги масала кишиларнинг жамоат жойларида жумладан автобусда ўзини тутиш ва ахлоқ-одоб нормаларига амал қилиш билан боғлиқ. Гарчи ёшлар ёши улуғларга жой беришидек ёзилмаган қоида амалда бўлса-да, автобусда бу қадрият сал-пал унутилаёзгандек таассурот уйғотади. Бу борада телевиденияда ижтимоий реклама роликлари тайёрлаш, йўлдаги реклама баннерларида катталарга жой бериш мазмуни акс этган эълонлар ҳам қўл келади. Шунингдек, автобусларнинг кириш-чиқиш жойларида инсоний фазилатларни улуғловчи ҳикматлар, қадриятларимизни эсга соладиган даъватлар бўлса нур устига аъло нур. Автобус салонлари тарбия воситаларидан бири сифатида мавсумий тадбирлар даъватидан ташқари барчабоп эълон ва муҳим маълумотлар бериб борилса, айни муддао-ку!

Автобусда айрим чиптачиларнинг қўпол муомаласи баъзан кайфиятимизни тушириб юборади. Куни кеча 28-йўналишдаги автобусда ишга кела туриб, шундай воқеанинг устидан чиқдик. Дарсдан қайтаётган 9-10 ёшдаги ўқувчи бола автобусга чиқдию шу заҳоти чиптачи йигитнинг “ўлжа”сига айланди. “– Ҳой, бола, қани йўл пулини тўлаб қўй-чи, дарров”, – дея ўдағайлашга тушди у. Ўқувчи боланинг кўзлари жавдираб, ранги оқарди. “– Пулим йўқ эди, – деди у йиғлаудек бўлиб. – Пулинг бўлмаса, қани, тез автобусдан туш-чи”, – деди у. То биз у учун пул чиқариб бергунимизча, бола бечора автобусдан тушиб югуриб кетиб қолди. Юрагимга оғриқ кирди. Наҳотки, энди бир боланинг йўл кираси йўқлиги уни мактабга кеч қолишига сабаб бўлса. Бундай вазиятда ҳайдовчи ҳам, чиптачи ҳам ўз фарзандини ана шу боланинг ўрнига қўйиб, мулоҳаза қилиб кўриши керак. Чунки бола алдамайди. Алдаса кўзидан билдириб қўяди. Шундай вазиятда боланинг қалбини ўкситиб, руҳан мажруҳ қилиб қўймаймизми? Одамнинг ичини қаёқдан биламиз?! Беш қўл баробар эмас-ку! Чиндан ҳам ўша бола кам таъминланган, боқувчисини йўқотган бўлса-чи?!

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Ҳайдовчи, чиптачи ва йўловчи маданияти ҳақида гап кетар экан, кўплаб содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларига ножоиз асабийлик ва маданиятсизлик ҳам сабаб бўлаётганини тушунишимиз лозим. Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХ бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлим, бўлинмалари томонидан автомобиль йўлларида йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида ҳайдовчилар билан бугунги кунда йўловчи ташиш фаолиятидаги шарт-шароитлар ва имкониятларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилган ҳолда тарғибот суҳбатлари ҳам ўтказилмоқда. Бу мақсадда рейдлар ташкил этилиб, улар давомида йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчилар аниқланмоқда ва уларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаётир. Айнан лицензиясиз йўловчи ташиш “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятига, умуман мамлакат иқтисодиётига ва ҳатто жамият маданиятига зарар келтираётганини ҳам унутмайлик. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом тасдиқланган. Қарорга кўра, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб лицензия ва лицензия карточкаларини электрон шаклда расмийлаштириш тизими жорий этилади.

Ўтган 2018 йилда Жамият ишонч телефонларига 200 дан ортиқ мурожаат тушган бўлиб, уларнинг асосий қисми ҳайдовчи ва чиптачиларнинг қўпол муомалада бўлиши, автобус салони санитария талабларига риоя қилмаслик (тамаки чекиш), бошқарув пайтида уяли телефондан фойдаланиш, бекатларда тўхтамаслик каби қоидабузарликлардир.

Барча айбларни ҳайдовчи ва чиптачиларга ағдариб қўйиш ҳам адолатдан эмас. Айрим йўловчилар пиёдалар ўтиш жойидан телефонда гаплашган кўйи, гарчи пиёдалар учун светофорнинг қизил чироғи ёниб турган бўлса-да, ҳеч нарсага эътибор бермасдан ҳаракатлана бошлаганига кўп кўзимиз тушади. Шунда ўз-ўзидан бир зумда тирбандлик юзага келди. Ҳайдовчилар бир-бирини айблаб гап талашишади. Оқибатини тасаввур қилаверинг. Кўчадан ўтиб олган ҳақиқий айбдор эса ҳамон телефонда гаплашган ҳолда содир бўлган ҳодисага бир кўз ташлайди-ю, бунга ўзини заррача айбдор ҳисобламасдан йўлида давом этади.

Айрим ривожланган жориж мамлакатларида эса аҳвол ўзгача. Узоққа бормайлик, Россиядаги ҳолатни мисол келтирадиган бўлсак, ўша давлатдаги одамлар сайр қиладиган бульвар(сайилгоҳ)да бўлдик. Бульварнинг ўртасидан автомобиль йўли ўтган. Пиёдалар йўлдан ўтиши учун светофор ҳам ўрнатилган. Кузатиб шунга амин бўлдикки, гарчи ўша йўлдан автомобиллар аҳён-аҳёнда ўтса-да, пиёдалар светофорнинг қизил чироғида ҳеч қачон ҳаракатланишмайди. Ана энди шундай ҳолатни ўзимизда тасаввур қилиб кўраверинг! Бизда эса бундай воқеаларнинг аксинча ҳолатига тез-тез гувоҳ бўламиз. Нега шундай, чунки бизда пиёда маданияти, пиёда одоби шаклланмаган. Кўплаб хорижий давлатларда гувоҳ бўлганимиз,­ шиналар кам ҳаракатланадиган жойларда керак бўлса фарзандларимиз чиқиб ўйнаса ҳам парво қилмаймиз.

Ҳайдовчи ва пиёда билан бўладиган кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Буни бугун барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Республикамиздаги айрим бозорларнинг олдидаги йўлларга баланд панжаралар ҳам ўрнатилди. Мақсад пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг автомобиль йўлидан эмас махсус ерости йўлларидан бемалол ҳаракатланишини олиб боришдир. Биз пиёдалар эса нима қилаяпмиз, жонимизни икки марта хатарга қўйиб бўйимиздан баланд панжарадан ошиб ўтамиз. Энг ажабланарлиси, ана шундай панжарадан мана инсонларнинг энг одоблиси деб қўлимизни бегиз қилиб, намуна қилиб кўрсатадиганларимиз ҳам “қовун туширади”. Бундай дейишимизга тўла асос бор. “Абу Сахий”, “Отчопар” бозори атрофидаги ҳолатни кўриб маданиятсизлигимизга ачиниб кетасиз. Айниқса, жума куни жума намозини ўқиш учун йўлнинг нариги юзидаги жоме масжидига шошилган одамлар тўдаси панжаралардан ошиб югураётганини кўрсангиз қўрқиб кетасиз. У ерда тирбандлик юзага келиб, асабийлашган ҳайдовчилар йўл-транспорт ҳодисасини содир этишига бир баҳя қолади. Яна булар адаб масканига, ибодатини комил адо этишга шошилётган бўлади. Наҳотки Аллоҳнинг уйига хато ва қоидаларни бузиб етиб борилса. Бу тўғрида ўша қавмга имом домлалар насиҳат қилиб қўйсалар яхши бўларди. Бундай қоидабузарликдан Чорсу бозори атрофи ҳам мустасно эмас. Афсуски, бу тоифа пиёдалар оз эмас, жуда кўп...

Хуллас, жамоат жойларда асқотадиган одобимиз шаклланмас экан, автомобиль йўлларида дуч келган жойдан ҳаракатланаверамиз, бу эса мудҳиш автоҳалокатларнинг сони ортишига сабаб бўлаверади.Мамлакатимиз, шаҳримиздаги пиёдалар ҳаракатидан бугун шундай хулоса қилиш мумкинки, йўловчи сифатида маданиятимизда ҳали кўп ноқисликлар бор. Буни эса тезроқ муолажа қилишимиз даркор бўлади.

Ш.Жаббор

Juma, 18 Yanvar 2019

Шаҳар жамоат транспорти равнақи ёхуд тараққиёт сари йўлга чиқаётган карвон

Ҳозирги кунда шаҳар жамоат транспорти жамият ҳаётида ўз ўрнига эга. Хусусан, шу кунларда пойтахт жамоат транспортида мисли кўрилмаган ўзгариш ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жамоат транспорти таркиби хорижда ва ўзимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий автоуловлар билан тубдан янгиланди. Йўловчиларга қулай, тезкор, хавф-хатарсиз ва сифатли транспорт хизматини кўрсатишни олий мақсад деб билган соҳа вакиллари бу йўлда эзгу амаллар билан зиммаларидаги юксак вазифани адо этишга ҳаракат қилмоқдалар. Шу маънода, корхона турмуш тарзи, соҳада амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиликлар ҳақида “Тошйўловчитрансхизмат” унитар корхонаси директори Аъзам Абдуллаев билан суҳбатлашдик.

— Аъзам ака, аввало сиз билан соҳадаги тарихий ўзгаришлар ва янги 2019 йил бошида суҳбатлашаётганимиздан мамнунлигимизни изҳор қилмоқчиман. Ўтган 2018 йилни жамият жамоаси қандай меҳнат натижалари билан якунлади? Ўтган йилнинг сабоқ бўларли ва сабоқ оларли жиҳатлари Сизнингча нималардан иборат?

— Бугунги кунда ижтимоий ҳаётимизни автомобилларсиз, айниқса, шаҳар йўловчи транспортисиз тасаввур этиш қийин. Пойтахтнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида шаҳар йўловчи транспортининг ўрни беқиёс. Ана шундай машаққатли, шу билан бирга шарафли вазифани бажариб келаётган корхонамиз шаҳримиз аҳолиси ҳамда пойтахтимиз меҳмонларига маданиятли ва сифатли транспорт хизмати кўрсатиб келмоқда. Статистикага кўра, шаҳримизда йўловчиларнинг 60 фоизи жамоат транспортларидан фойдаланади. Жумладан, ўтган йилда қарийб 250 миллион нафардан зиёд йўловчига хизмат кўрсатишга эришилди. Албатта, йўловчиларнинг 80 фоиздан ортиғи автобусларда ташилди. Келинг, энди, шу ўринда ўз ходимларимизга қилинган хизматни ҳам эътироф этиб ўтай. Ўтган йилда ходимларимизнинг умумий ойлик маоши 1 399 109 000 сўмни ташкил қилди. Уларни моддий рағбатлантириш, қийналиб қолганида ҳарна ёрдам бўлиши мақсадида берилган моддий ёрдам эса 64 193 200 сўм миқдорда бўлди. Айниқса, ишчи-хизматчиларни моддий рағбатлантириш учун 457 465 600 сўм мукофот пуллари ажратишимиз уларни кўп хурсанд қилди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, корхонада кўп йиллар давомида ишлаб, нафақага чиққан ходимларга 8 100 000 сўм мукофот пули берилди. Ўтган 2018 йил давомида ходимларимиз учун 641 389 243.47 сўмга ойлик йўл чипталари “Давлат белгиси” ДИЧБдан сотиб олиб берилган.

Бундан ташқари корхонанинг моддий - техник базасини мустаҳкамлаш ва АСОП тизимини йўлга қўйиш мақсадида 4 дона 27 600 000 сўмга компьютер техникаси сотиб олинди. Шунингдек, яна 40 943 393.46 сўмлик канцтовар ва хўжалик буюмлари сотиб олинди. Корхона автотранспорт воситаларини таъмирлаш ишлари учун 45 475 815 сўм пул маблағи ажратилган. Кўп хайрли ишлар албатта моддий неъмат, яъни муайян маблағ ҳисобига амалга ошади.

-          Хабарингиз бор, корхонамизнинг футбол клуби ўтган 2018 йилда яхши натижаларни қўлга киритди. Нафсиламрини айтганда, ҳатто бу ҳам моддий рағбатлантириш туфайли юқори кўрсатгичга чиқа олади. Айтинг-чи, клубни кучайтириш ёки таъбир жоиз бўлса рағбатлантириш мақсадида нималар қилинди?

-                   Ҳа. “Автомобилчи” футбол клуби Тошкент шаҳар кубоги баҳсида иккинчи ўринни эгаллагани ва футбол мусобақаларида фаол иштирок этиб, совринли ўринларга эга бўлгани учун, футболчиларимизга ва бу йўлда жон койитган корхонанинг баъзи ходимларига 33 200 000 сўм миқдорида пул мукофоти берилди. Бундан ташқари ходимларнинг малакасини ошириш мақсадида 593126 сўм сарфланди. Шунингдек, ишчи-хизматчиларимизнинг дунёқарашини маънавий - маърифий юксалтириш мақсадида 1 200 000 сўмлик миқдорда маблағ сарфланиб, маърузалар уюштирилди. Корхонамиз касаба уюшмаси ишларини ривожлантириш мақсадида 16 000 000 сўм пул маблағи ажратилди. “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятининг буйруғига асосан кам таъминланган ва нафақадаги фуқароларга корхонанинг бошқа даромадлари ҳисобидан 2 233 000 сўм миқдорида ойлик йўл чипталари ажратилган. Яна ходимларимизнинг фарзандларига янги йил совғалари ва янги йил байрамига чипталар тарқатилди.

-                   Йўл чипталари ва унинг шоҳобчалари тўғрисида маълумот бериб ўтсангиз.

-                   Шаҳримизда йўл чипталарини сотадиган 89 та шохобчамиз бор. Ҳозирги кунда шу шохобчаларнинг эскиларини таъмирлаб, замон талабларига мос янгилаяпмиз. Ўтган йили 765 минг 837та йўл чипталари сотилган. Имтиёзли йўл чипталари ҳам мавжуд бўлиб, булар – талабалар, ўқувчилар ва пенсионер, ногирон шахсларга чегирма қилиб сотилади. Йўл чипталари тугаётган ойнинг 20 –санасидан бошлаб, бошланагн ойнинг 15 санасигача сотилади.

-                   Айтинг-чи, ҳар бир корхонада “йиллик фойда” деган тушунча бор. Шу фойда ва даромадлар қандай мақсадларга сарфланади? Янги режалар ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз.

-                     Аввало, давлатимиз раҳбарияти томонидан шаҳар жамоат транспортини қўллаб-қувватлаш мақсадида маълум миқдордаги молиявий ёрдам кўрсатилиб келинмоқда. Жумладан, ушбу молиявий ёрдам имтиёзли нархларда ойлик йўл чипталаридан фойдаланган ҳолда йўловчиларни ташишдан олинмай қолинган даромадларни, жамоат транспортидан имтиёзли равишда, яъни бепул, фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолига кўрсатилган транспорт хизматлари ҳаражатларини, керак миқдорда автобусларларининг харид қилиниши учун жалб қилинган кредитларни қоплашга ҳамда корхонани модернизация қилиш ва автобусга сервис хизмат кўрсатиш, иншоотларни бунёд қилиш ва уларни таъмирлаш учун йўналтирилади. Дарвоқе, муҳтарам президентимиз ушбу янги — 2019 йилни “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деган таклифни бежиз эълон қилмадилар. Айни пайтда мамлакатимизда фаол инвестицион муҳит пайдо бўлган. Бу йил ҳам хорижлик ҳамкасбларимизнинг таклифлари ўрганиб чиқилиб, манфаатларимизга хос бўлганларини ҳаётга татбиқ этиш ниятимиз бор. 2019 йилда режамиз шаҳар жамоат транспорти хизмат сифатини яна яхшилаш, янги технологиялар воситасида ойлик, ҳафталик режалар ишлаб чиқиш, йўл ҳақи тўловини автоматлаштириш тизимига ўтиш ва бошқалардир. Шу кунларда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти Тошкент шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорликда йўл ҳақи тўловини автоматлаштириш устида иш олиб бормоқда. Бунда LG CNS (Корея), Korea Telecom (Корея), LOTTE Group (Корея), Technobiz Transpay Pte Ltd (Сингапур), KentKart (Турция) каби хорижий компанияларнинг илғор тажрибасини ўрганиб ўзимиздаги «Uzcard», «Алоқа банк», «Tezсard» маҳаллий компаниялар хизматидан фойдаланамиз. Қолаверса, шаҳар архитектураси ва дизайнига, “ақлли шаҳар” лойиҳасига ва замонавий Тошкентга хос шаклда корхонамиз хизмат шохобчаларини қуриш ва аҳолининг ундан кенг кўламда фойдаланишини йўлга қўямиз.

Ш.Жаббор суҳбатлашди

Juma, 18 Yanvar 2019

ЙЎЛОВЧИЛАР ХАВФСИЗЛИГИ ҲАММА НАРСАДАН УСТУН

         Поёнига етиб бораётган 2018 йил ҳаётимизнинг барча жабҳаларида бўлгани каби “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти ҳаётида ҳам жиддий ўзгаришлар йили бўлиб қолиши шубҳасиз. Тизим ишини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган ҳаракатлар ўз самарасини бера бошлади. Маълумки, ҳар қандай муваффақият калити, бу – қатъий интизом. Шу маънода Жамиятга қарашли автобуслар бундан 4 йил бурун – 2014 йилдаёқ тўлиқ GPS тизимига ўтказилган эди. “Тошавтотаъмирхизмат” УК қошида GPS мосламаларини ўрнатиш ва уларнинг узлуксиз ишлашини таъминловчи бўлим ҳам фаолият олиб боради. Маълумки, GPS масофадан туриб транспорт воситаларини назорат қилиш имконини берадиган тизим. “MyBus” мобиль иловасининг ишга тушиши эса йўловчилар учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Аммо, шиддаткор давр ҳар биримиздан изланиш, замонга мослашиб яшаш, ишлашни тақозо этади. Шу боис, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти, мутахассислари мазкур тизим ишини янада такомиллаштириш йўлларини ахтаришди ва тендер асосида GPSнинг такомиллашган янги босқичига ўтишга қарор қилишди. Ўзбекистонда фаолият олиб борадиган маҳаллий “UZGPS” компанияси билан ҳамкорликда ишлар бошланиб кетди. Таъкидлаш ўринлики, мазкур компания хизмати республикамиздаги бир қанча йирик ташкилотларда синовдан ўтиб, мувафақиятли ишлаб келмоқда.

Бугун Жамиятга қарашли автобусларнинг каттагина қисми ушбу тизимга ўтиб бўлди. Яқин кунлар ичида эса тўлиқ янги дастурлар асосида ишлашга ўтилади.

Энди ушбу янги тизимнинг жамоат транспорти учун афзаллиги нимада, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шу кунгача ишлаб келган GPS фақат битта харитада ишларди ва у соҳага оид кўплаб муҳим жиҳатларни ўзида қамраб ололмас эди, янги “UZGPS” дастури бўйича энди 8та харитада ишлаш мумкин бўлади. Бу транспорт воситаларини тўлиқ назорат қилиш, йўналишга чиқаётган ҳайдовчининг бутун иш фаолиятини кузатиб бориш имконини беради. Бир сўз билан айтганда, энди хизмат давомидаги ҳар бир ҳолат, ҳаракат бамисоли кўзгуда акс этиб тургандек “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ қошидаги Марказий нозимлик хизмати ходимлари назоратида бўлади, бу дегани йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати янада ошади.

Ушбу янгиликнинг тўлиқ ишлаб кетиши шаҳримиз кўчаларида ҳаракатланаётган жамоат транспорти воситаларини янада кенгроқ назорат қилиш билан бирга янгидан янги лойиҳалар устида ишлаш имконини ҳам яратади.

Juma, 18 Yanvar 2019

ЯНГИ ЙИЛГА МУНОСИБ ТУҲФА

Илгари хабар берилганидек, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибидаги автосаройлардаги автобуслар сафи янгилари билан кенгаймоқда. Йил сўнгига қадар олиб келиниши режалаштирилган 72 та SAZ LE 60 ўрта сиғимдаги автобусларнинг яна 12 таси Самарқанддан Тошкентга қараб йўлга чиқди.
Шу кунгача барча қулайликларга эга бундай автобуслардан 46 таси келтирилиб, йўналишларга бириктирилган эди. Йил сўнггига қадар, яъни, мазкур ҳафта давомида SAZ LE 60 автобусидан яна 14 та олиб келинади. Улар ҳам янги йилдан шаҳримиз аҳолисига хизмат қила бошлайди.photo 2018 12 28 19 35 29

Juma, 28 Dekabr 2018

БОЛАЖОНЛАР УЧУН БАЙРАМ СОВҒАСИ

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти янги йил байрам тантаналари нишонланаётган шу кунларда ҳайрли ташаббусга қўл урди. Яъни, пойтахтимиздаги меҳрибонлик ва мурувват уйлари ҳамда мактаб интернати тарбияланувчиларидан қарийб 1 ярим минг нафардан зиёдини пойтахтимизнинг марказий майдонларида бўлиб ўтаётган байрам тадбирларида иштирок этишини таъминлади. Бунинг учун жамият таркибидаги автобус саройлари  томонидан болаларга қувонч бағишлаш мақсадида байромона безатилган автобуслар ажратилди. Жамият томонидан болажонлар учун байрам совғалари уюштирилди. Ушбу  ташаббус яна давом этади. Бундан ташқари бугундан бошлаб йўналишга чиққан автобус ҳайдовчи ва чиптачилари йўловчиларга кайфият бағишлаш мақсадида қорбобо ва қорқиз либосларида хизмат кўрсатишмоқда. Йўловчиларга ширинликлар улашилмоқда. Байрам кунлари ана шундай байрамона тарзда йўловчиларга хизмат қилиш режалаштирилганphoto 2018 12 28 19 25 41

Juma, 28 Dekabr 2018

Байрам кунлари айрим автобус йўналишлари ўзгаради

Янги йил байрами тадбирлари муносабати билан, Тошкент шаҳри аҳолиси ва мехмонларига мазмунли ҳордик чикариш, маданий дам олиш шарт-шароитларини яратиш тўғрисида Тошкент шаҳар хокимининг 2018 йил 14декабрдаги 1794-сонли қарорига асосан, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан 2018 йил 20 декабрдаги 238-сонли буйруғи қабул қилинди ҳамда қуйидаги ишлар амалга оширилди.

1) 2018 йил 31декабрда Тошкент шахридаги барча автобус йўналишлари иш режимига ўзгартириш киритилиб, иш тугаш вақти 1 соатга узайтирилди.

2) Барча автобус йўналишларидаги автобуслар янги йил байрамига мос равишда безатилмоқда, ҳайдовчиларни байрам кунлари қорбобо кийимида ишга чиқариш чоралари кўрилмоқда.

3) Янги йил байрами тадбирлари ўтказилиши мунобати билан Тошкент шахри айрим кўчаларида автотранспорт воситалари харакатини вақтинча чекланганлигини инобатга олиб:

- Истиқлол ва Зарафшон кўчаларининг ёпилиши муносабати билан, 90А, 91А, 115А-сонли йўналишлардаги автобуслар ҳаракати Навоий кўчаси орқали, “Навоий – А.Темур” кўчалари чорраҳасигача, А.Темур кўчаси (Олой бозори томонга) орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради;

- Истиқлол кўчасининг ёпилиши муносабати билан, 53А-сонли йўналиш бўйича автобуслар ҳаракати Навоий кўчаси орқали “Навоий – А.Темур” кўчалари чорраҳасигача, чорраҳадан бурилиб олиб, Навоий кўчаси орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради; шунингдек, 33А, 55А, 96А-сонли йўналишларда автобуслар ҳаракати А.Темур кўчаси орқали “Навоий – А.Темур” кўчалари чорраҳасигача, Шахрисабз кўчаси орқали ўз йўналишлари бўйлаб ҳаракатини давом эттиради;

- Себзор кўчасининг ёпилиши муносабати билан, 9А, 17А, 52А-сонли йўналишлар бўйича автобуслар ҳаракати Навоий кўчаси орқали “Навоий – Абай” кўчалари чорраҳасигача, Абай кўчаси орқали ўз йўналишлари бўйлаб ҳаракатини давом эттиради; 150-сонли йўналиш бўйича автобуслар ҳаракати Навоий кўчаси орқали “Навоий – Абай” кўчалари чорраҳасигача, Абай кўчаси орқали “Абай – А.Қодирий” кўчалари чорраҳасигача, А.Қодирий, Себзор кўчалари орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради;

- Сўгалли ота кўчасининг (Алгоритм корхонаси олдида) ёпилиши муносабати билан, 13А, 69А, 107-сонли йўналишлар бўйича автобуслар ҳаракати Заргарлик, Заргарлик 5-тор, Дийдор, Сўгалли ота, Дилбанд кўчалари орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради; 4А, 48А, 87А, 94А, 146А-сонли йўналишлар бўйича автобуслар ҳаракати Сўгалли ота, Заргарлик, Заргарлик 5-тор, Дийдор, Сўгалли ота, Дилбанд кўчалари орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради.

Dushanba, 24 Dekabr 2018

“ТОШШАҲАРТРАНСХИЗМАТ”АЖ ТУРКИЯ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛАДИ

Тошкент шаҳрида транспорт тизимини такомиллаштириш ҳамда хизмат сифатини яхшилаш бўйича ишлаб чиқилаётган концепцияни тайёрлашда Туркиянинг соҳага оид йирик компания ва лойиҳа институтлари билан ҳамкорлик килинади.
Илгари хабар берганимиздек бу борада “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти кўплаб мамлакатларнинг транспорт тизимига оид янгилик ва қўлга киритилган муваффақиятларни, пойтахт шароитига мос таклиф ва лойиҳаларни ўрганди. Германия, Россия, Туркия, Украина, Белоруссия, Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон ва бошқа қатор давлатларнинг транспорт соҳаси вакиллари бу борада ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.
Ушбу давлатлар орасида Туркия республикасининг жамоат транспортидаги шароит, йўловчилар учун яратилган қулайликлар пойтахт транспорт тизими талабларига мослиги сабаб концепцияни ишлаб чиқишда ушбу мамлакат мутахассислари билан ҳамкорлик қилишга қарор қилинди.

ukraw

Payshanba, 19 Dekabr 2018

ЎЗ ИШИГА ЛОҚАЙДЛИК ВА СОВУҚҚОНЛИК ЁНҒИНГА САБАБ БЎЛДИ

Жорий йилнинг 15 декабрь куни “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга қарашли “Тошавтотаъмирхизмат” УКнинг “8-автобус саройи”даги ишлаб чиқариш кузов таъмирлаш бўлимида ёнғин чиқди. Ушбу кўнгилсиз ҳодиса чилангарнинг хавфсизлик техникасига амал қилмаслиги оқибатида содир бўлди.

Маълум бўлишича, “Мерседес-Бенц Туризмо” русумли автобуснинг ёқилғи бакида носозлик юзага келган. Уни таъмирлашни эса “Тошавтотаъмирхизмат” УКнинг 8-автокорхонадаги устахонаси чилангари Р.Гумиров ҳайдовчи билан ўзаро келишиб, ўзбошимчалик билан амалга оширмоқчи бўлган. Бунда у ўзининг кўп йиллик тажрибасига ишониб, ўзига ортиқ баҳо берган. Автобус таъмирланадиган кунда чилангарнинг дам олиш куни бўлган, шунга қарамай у ишга чиққан. Атрофдагиларнинг огоҳлантириши ва қайтариқларига қарамай ўз билганидан қолмаган. Кўп йиллик тажрибага эгалигини, бундай ишлар унга чўт эмаслигини рўкач қилиб, таъмирлашга киришган.

Хафвсизлик техникаси талабларига кўра, бундай вазиятда ёқилғи тўкиб олиниб, бакнинг ўзи автобусдан ажратилган ҳолда ёқилғидан батамом тозалаб олиниб, ичига сув тўлдирилган ҳолда таъмирланиши лозим. Рамиль Гумеров эса бакни ёқилғидан чала-ярим бўшатиб пайвандлаш усукунасини ишга солган. Бакда қолган қолдиқ ҳамда ёқилғидан ажраб чиқиб тўпланиб қолган газ пайвандлаш олови таъсирида катта аланганинг юзага келишига сабаб бўлган.

Ёнғин натижасида устахонанинг 50 кв. метр майдоннинг ички ва томига ҳамда таъмирланаётган “Мерседес-Бенц Туризмо” ва бир муддат аввал йўл транспорт ходисаси туфайли шикастланиб, таъмирлашга олиб келинган “3-автобус саройи”га қарашли “Ман” русумли автобусларнинг салон ва кузов қисмларига жиддий зарар етган.

Тезкор саъй-ҳаракатлар натижасида устахонанинг қолган қисми ҳамда таъмирлаш майдонида бўлган “Исузу” ҳамда “Дамас” автомобиллари ёнғиндан сақлаб қолинган.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг масъул ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилган. Ҳозирда текширув ишлари давом этмоқда. Ёнғин сабаблари ҳамда келтирилган моддий зарар тўлиқ ўрганилмоқда.

Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида жамиятнинг махсус буйруғи қабул қилинди. Унга кўра, тузилган махсус комиссия автосарой ва бошқа таъмирлаш корхоналаридаги ёнғинга қарши ишлатилувчи ускуналар ва жиҳозларнинг аҳволини ўрганади ва камчиликларни бартараф этиб, айбдорларга нисбатан чоралар кўради.

Шунингдек, мазкур буйруқда ишчи-ходимларнинг масъулиятини ошириш, техник хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этилиши бўйича талаблар ҳам белгилаб берилган.

Payshanba, 19 Dekabr 2018

“8-автобус саройи” МЧЖда содир бўлган ёнғин ҳодисаси тўғрисида МАЪЛУМОТ

Жорий йилнинг 15 декабрь куни, соат 13:40лар атрофида “8-автобус саройи” МЧЖ ҳудудида жойлашган “Тошавтотаъмирхизмат” УК ишлаб чиқариш кузов таъмирлаш бўлимида пайвандлаш ишларини олиб бориш жараёнида,
техник хавфсизлик қоидалари бузилганлиги оқибатида, ёнғин содир бўлган.

Ёнғин оқибатида, ишчи ва хизматчилардан ҳеч ким жароҳатланмаган аммо, таъмирлашда бўлган 2 та автотранспорт воситасига зарар келтирилган.

Ёнғин бартараф этишга, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Ёнғин хавфсизлиги бўлими” маъсуллари жалб этилиб, ёнғин бартараф этилди.

Ушбу ҳолат юзасидан, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Ёнғин хавфсизлиги бўлими” суриштирув ишларини олиб бормоқда, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ маъсул ходимлари томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, текширув ишлари олиб борилмоқда.

Shanba, 15 Dekabr 2018
Page 4 of 28
Avtobus buyurtmasi
1062 Ishonch telefoni
mg.uz
my.gov.uz
tshtx.uz 

Foydali resurslar

edportal  fondbozori
gov.uz my.gov.uz
lex.uz cert.uz dc.uz
gis.uz strategy.gov.uz Ctrl+Enter

Aloqa uchun muloqotlar

Umumiy bo'lim
Tel.: (+998 71) 233-89-21
Faks: (+998 71) 233-34-40
Xorijiy hamkorlar bilan muloqot qilish uchun telefoni / Phone for communication with foreign partners: (+998 71) 233-52-63

Yangiliklarga obuna boling

Xozir saytda 1091 mehmon

Yandex.Metrika

 

Click to listen highlighted text! GSpeech