Click to listen highlighted text! GSpeech
A- A A+

Yangiliklar

БИР ЙИЛЛИК САРҲИСОБ ютуқ ва камчиликлар

Маълумки, қатор йиллардан буён “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти таркибидаги автокорхоналарда ҳафтанинг ҳар пайшанба кунлари профилактик тадбирлар ўтказилиб келинади. Ушбу тадбирларнинг ўтказилишидан кўзланган мақсад – ишда йўл қўйилаётган камчиликларни вақтида бартараф этиш, хатолардан тегишли хулосалар чиқариб олиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, муҳими, аҳолига хизмат кўрсатаётган транспорт воситаларининг хавфсизлиги, унга эътиборни кучайтириш туйғусини ҳайдовчилар онгига сингдириб боришдан иборат.

Тан олиб айтиш лозим, ҳайдовчи – жамоат транспортининг юзи. У ўзига талабчан, масъулиятни ҳис этадиган, маданияти баланд бўлиши керак. Замон ўзгаряпти, жамоат транспортига бўлган талаб ҳам кундан кун ўзгариб боряпти. Томошабин бўлиб туришга ҳек кимнинг ҳаққи йўқ.

Ҳайдовчилик маданияти, йўловчилар билан муомала-мулоқот, кийиниш, оралиқ бекат масофалари жадвалига эътибор, бекатларда узоқ қолиб кетмаслик, ишга виждонан ёндашиш, булар бари алал-оқибат хизмат сифатига ўз таъсирини кўрсатади.

     Жамоат транспорти ҳайдовчиларини янада ҳушёрликка чорлаш, мавжуд камчиликларни вақтида бартараф этиш мақсадида“Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти тизимида “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” буйруққа мувофиқ йил давомида қўшма рейд амалиётлари ҳам ўтказиб келинади. Унда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Техника назорати бўлими ходимлари билан Жамият йўловчи транспорти ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш хизмати ходимлари иштирок этади. Мазкур тадбир – текширувларни ўтказишдан мурод, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек ҳайдовчилар масъулиятини ошириш, тизим ишини тартибга солиш, техника хавфсизлигига риоя қилиш, йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш ишларини янги босқичга кўтаришдан иборат.

Савол туғилади, хўш, мунтазам ўтказиб келинаётган профилактик тадбирлар ўз самарасини беряптими? Ҳайдовчиларимиз ва тегишли автокорхоналарнинг масъул ходимлари ўзаро мулоқотларда кўтарилаётган масалалардан керакли хулосаларни чиқариб олишяптими?

Ушбу саволларга якунига етган 2018 йил “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти тизимидаги автокорхоналар ҳайдовчилари томонидан йўл қўйган хато ва камчиликлар сони, даражасига қараб хулоса чиқариш мумкин.

Дарҳақиқат, 2018 йил давомида Жамият ҳайдовчилари томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари, турли даражадаги қоидабузарликлар, камчиликлар тизимда олиб борилаётган ишлар не чоғли ўз самарасини бераётганига далил бўла олади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2018 йилда Жамият ҳайдовчилари иштирокида жами 37та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган бўлиб, таассуфланарлиси, бунинг оқибатида 3 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган, 68 нафар кишига эса турли даражадаги тан жароҳатлари етказилган. Шундан айнан ҳайдовчи айби билан 1 киши умри завол топиб, 50 нафар фуқаро тан жароҳати олган. Мазкур йўл-транпорт ҳодисаларининг 28таси Жамиятга қарашли автокорхоналар ҳайдовчилари томонидан содир этилган. Агар биз ўтган йил кўрсаткичларига қарайдиган бўлсак, йўл-транспорт ҳодисалари сони анча кўплигига, яъни 37та эканлигига гувоҳ бўламиз. 2018 йилда йўл-транспорт ҳодисалари сони 9тага камайган бўлса-да, бирибир бу рақам ҳам кишини ташвишга қўяди. Модомики жамоат транспорти ходимларининг вазифаси ҳаракат хавфсизлигига қатъий риоя қилиб ҳаракатланиш, йўловчиларни бехавф, бехатар ўз манзилларига етказиб қўйиш экан, 2018 йилдаги кўрсаткичлар ижобий томонга ўзгарган бўлса-да, оқлаб бўлмайди. Ҳали қилинадиган ишлар кўплигидан далолат беради.

Агар юқорида келтирган рақамларни автокорхоналар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, қайси нуқталарда эътиборсизликка йўл қўйилаётгани янада ойдинлашади. Масалан, 1-автобус саройида 2017 йилда йўл-транспорт ҳодисаси 4 марта содир этилган бўлса 2018 йилда бу кўрсаткич 1 марта юз берган. Бундай ижобий кўрсаткичларга 7-, 12- ва 5-автобус саройи ҳайдовчилари ҳам эришишган. Аммо, 18-4- ва 2-автосаройларда салбий ҳолатлар кўзга ташланади. 2017 йилда 18-автобус саройида 3та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 6 тани ташкил этди. 2-ва 4- автосарой ҳайдовчилари кўрсатган натижалар ҳам кишини ранжитади.

Хўш, бу салбий кўрсаткичлар нималардан дарак беради? Албатта, хизмат вазифага нисбатан эътиборсизликдан. Ушбу автосаройлар раҳбарлари, ҳаракат хавфсизлиги бўлими ходимлари ҳайдовчилар билан етарли даражада мулоқотлар олиб бормаганликларидан дарак беради.

Бундан ташқари, 2018 йил мобайнида Жамият ҳайдовчилари томонидан 1152 марта йўл ҳаракат қоидалари бузилган. Бу кўрсаткич 2017 йилда анча юқори бўлган, яъни 1982тани ташкил этган. Қувонарли томони шундаки, барча автобус саройларида қоидабузарликлар сони 2017 йилга нисбатан кескин камайган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истардимки, профилактик ишлар кўламини, таъсирчанлигини янада оширишимиз лозим. Бу ишда нафақат Йўл ҳаракати хавфсизлиги ёки автокорхоналар харакат хавфсизлигига масъул ходимлар, балки, бевосита автосаройлар раҳбарлари ҳам жиддий эътибор қаратишлари лозим бўлади. Унутмайлик, йўл-транспорт ҳодисаси юз бердими, кимларнидир ҳаёти хавф остида қолади, қолаверса, транспорт воситаси ҳам бундан жиддий зарар кўради. Бу ҳолат эса йўналишларда узлуксиз хизмат кўрсатиш имконини йўққа чиқариши мумкин, дегани...

Хуллас, ҳушёр бўлайлик. Унутмайликки, фақат, ҳушёрлик ва зийракликкина сиз ва бизни йўл-транспорт ҳодисаларидан, турли қоидабузарликлардан сақлаб қолади.

Нодирхон Ходжаев, Жамият жамоат транспорти ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўлими бош мутахассиси

Juma, 18 Yanvar 2019

“ЧИЛАНГАРЛИК – ҲАЁТ ЙЎЛИМ” дилдаги гаплар

                                                   

Жамоат транспорти деганда, кўз ўнгимизда бутун бошли бир тизим намоён бўлади. Тўғри, бу ҳақда гап кетганда, аввало, замонавий автобуслар, уларни бошқараётган ҳайдовчилар, чиптачиларни кўз олдимизга келтирамиз. Аммо бутун бошли бу тизимнинг бир маромда узлуксиз фаолият олиб боришида ҳайдовчи ва чиптачилардан ташқари яна ўнлаб хил касб эгаларининг заҳматли меҳнатлари ҳам ётадики, буни эътироф этмасликнинг иложи йўқдир.

Ана шундай касб эгаларидан бири, ўз ишининг устаси, тажрибали уста – устоз чилангар Жаҳонгир Жалиловдир. Жаҳонгир ака ўзи танлаган бу касб-ҳунар ортидан атрофидаги ҳамкасблари ҳурматини қозонган, раҳмат ва олқишлар олаётган замондошларимиздандир.

Дарҳақиқат, инсон қайси соҳада ишламасин ўз ҳаракати, интилиши, қўлдан келганча ён-атрофидагиларга кўмак бериши билан ҳурмат-эъзоз топади. Дўстлар орттиради, яхши-ёмон дамларда ёнида елкадош бўладиган суянчлар топади. Жаҳонгир аканинг умр йўли фикримизга ёрқин далилдир.

У 40 йилдан буён “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятига қарашли “2-автобус саройи” МЧЖда меҳнат қилиб келади. Мустақаллигимизнинг 27 йиллиги арафасида бир гуруҳ ҳамкасбларимиз қатори соҳада узоқ йиллар қилган самарали меҳнати, эришган ютуқлари, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётганлиги учун “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти раҳбариятининг “Тошкент шаҳар йўловчилар ташиш транспорти Фахрий ходими” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бундай юксак эътирофга сазовор бўлишни 6 минг нафардан зиёд ишчи-хизматчилар меҳнат қилиб келаётган жамоада ҳар бир киши орзу қилади.

Жаҳонгир аканинг ҳаёт йўли жуда оддий.У ўз таржимаи ҳолини шундай шарҳлайди:

– 1960 йил Тошкент шаҳрининг Ҳамза (ҳозирги Яшнобод) туманида туғилганман. Ўрта мактабни битириб, тўғри автокорхонага ишга борганман...

– Сизнинг ёшингизда ҳаммма йигит-қиз ҳам ўқисам, деганорзу – ниятда бўлишади-ку.

– Менда бундай мақсад бўлмаган. – Автомашиналарни тузатувчи уста бўлиш орзуси билан яшардим. Шунчалик қизиққанманки, ҳатто, билим юртига ҳам бориб ўтирмаганман. Ҳолбуки, касб-ҳунар билим юртига кириб ўқишим учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди. Фақат, ўзим, тезроқ севган машғулотим билан машғул бўлсам, дея автокорхонага келганман.

– Автокорхонада яхши қабул қилишдими?

– Ҳа, худди кечагидек эсимда, 1978 йил эди. Ниятимни билишгач, розилик беришди. Мен учун касб ўрганиш эшиклари очиқ эди.

– Ишни нимадан бошладингиз?

– Слесарликдан, албатта. – Болалигимдан пачақ бўлган у-бу нарсаларни тузатишга, асл ҳолатига қайтаришга жон дилим билан қизиқардим, шу-шу кузовшик бўлиб ишлай бошладим.

– Болалик орзулари ўз йўлида, бу касбнинг ўз нозикликлари бор, қолаверса, сиз энди жамоат транспорти воситаларига хизмат кўрсатишингиз керак бўлади. Устозлар хизматига зарурат бўлдими?

– Бўлмасам-чи, устозлар кўмагисиз киши ўз касбининг нозик томонларини пухта эгаллай олмайди. Абдували ака Деҳқонов деган устадан кўп нарсаларни ўргандим. У киши ўз ишининг ҳақиқий устаси эди. Тўқнашиб кетиш оқибатида пачақ бўлиб қолган транспорт воситаларини қисқа муддатда асл ҳолатидан фарқи сезилмайдиган даражага олиб келиш мумкинлигини мен Абдували акада кўрганман ва ҳар доим шу кишидек ишлашга, ўзимга юклатилган вазифани аъло даражада бажаришга ҳаракат қилганман. Қариб 40 йил бўляптики чилангарман, ўзим устоз мақомидаман, шогирдларим бор, аммо, ҳар доим Абдували акани миннатдорчилик билан эслаб тураман. Халқимиз бежизга “Устоз отангдек улуғ” демас экан.

– Келинг, чилангар усталар иш фаолияти ҳақида ҳам гаплашайлик. – Мана, сиз кузовшиксиз, ишингиз нималардан иборат?

– Айтдим-ку, турли сабаблар, тўқнашиб, туртилиб кетишлар оқибатида транспорт воситаларининг у- бу жойи ишдан чиқади, пачақ бўлиб қолади. Табиийики, бундай ҳолатда жамоат транспортини йўналишга чиқариб бўлмайди. Биз кузовшик усталарнинг вазифамиз ана шундай автобусларни вақтида тузатиб, йўналишга чиқариб юборишни таъминлашдан иборатдир.

– Пачақланган жойни эпақага келтириш неча босқичда амалга оширилади?

– Уч босқичда. Биринчи, пачақ жой текисланади, кейин унга ишлов бериб силлиқланади ва бўёқ.

– Булардан қайсиниси мураккаброқ?

– Силлиқлаш жараёни. – Сабаби, қўл билан кўп ишлов беришга тўғри келади, шпатклёвка – силлиқлаш оғир жараён. У яхши қуримасдан бўёқ бериб бўлмайди.

– Қиш, ёғингарчилик мавсуми сизлар учун оғрирроқ экан-да?

– Шундай деса ҳам бўлади.

– Кузовшик усталар қўлидан келмайдиган ишлар ҳам борми?

– Бўлмайдиган ишнинг ўзи йўқ. – Лекин қандайдир қисм буткул ишдан чиққан бўлса ва алмаштириш зарурати бўлса, табиийки, янги эҳтиёт қисм билан алмаштирамиз.

– Шаҳримиз кўчаларида хизмат қилиб юрган транспорт воситаларининг ташқи қиёфаларида деярли ҳеч қандай хунук ҳолатлар кўзга ташланмайди. – Бу, демак, чилангар – кузовшик усталарнинг хизматидан экан-да.

– Ҳарқалай, чилангар усталарнинг хизматлари бор. Буни эътироф этиш керак.

– Сиз ва шеригингиз – икки нафар кузовшик “2-автобус саройи” МЧЖ автобусларига хизмат кўрсатасизлар?

– Ҳа.

– “5-автобус саройи” МЧЖга қарашли 148- йўналиш автобусини ҳам сиз таъмирлаган экансиз.

– 148- йўналишда қатнайдиган “ISUZU” русумли автобус устунга урилиб кетиб бир томони пачақ бўлиб қолган экан. “5-автосарой”да тузатишга ҳаракат қилишади, ўхшамайди чамаси, кейин бизга мурожаат қилишди.

– Қанча муддатда авқтобусни сафга қўйишга тўғри келди?

– Бир ойда.

– Бир томони ишдан буткул чиққан автолбусни асл ҳолига келтиришнинг ўзи бўлмайди, қандай қилдиларинг?

– Биз ўз вазифамизни қилдик, раҳбарият ишимиздан қониқиш ҳосил қилиб, “раҳмат” айтди.

– Иш жадвалингиз навбатчилик асосдами ёки?

– Йўқ, биз икки киши ҳар куни соат 8.00дан 17.000гача ишлаймиз.

– Хизматларингиз юқори баҳоланиб, мукофот олишни кутганмидингиз?

– Йўқ, мукофот ҳақида кейин эшитдим. – Эшитиб хурсанд бўлдим. Кўпчилик ҳамкасбларим, дўстларим табриклашди. Уйдагиларим, айниқса, эшитиб кўп суюнишди.

– Дарвоқе, икки оғиз оилангиз ҳақидаям гапирсангиз.

– Турмуш ўртоғим, икки ўғил, бир қизим бор...

Тажрибали авточилангар, жамоат транспорти тизимида ҳормай-толмай меҳнат қилиб тизим муваффақиятларига ўз улушини қўшиб келаётган авточилангар Жаҳонгир ака Жалилов билан хайрлашар эканмиз, ишда ва оилада фақат яхшиликлар бўлсин, деб қоламиз.

                                                                         А.КОМРОНБЕК суҳбатлашди

Juma, 18 Yanvar 2019

Автобусларда видеокузатув камералари уларни ўрнатишдан асосий мақсад тарнспортнинг қаерда ҳаракатланаётганини билишдир.

Илгари хабар берганимиздек, жамоат ва йўловчи ташувчи транспортда видеорегистратор ўрнатилиши мажбурий бўлади. Эндиликда ҳар бир автобус ҳайдовчисининг фаолиятини кузатиб борадиган, унинг хатти-ҳаракатларини назоратга оладиган алоҳида камера ўрнатилмоқда. «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти Ҳаракат хавфсизлиги бўлими бошлиғи Улуғбек Тўрабековнинг маълум қилишича, жамиятга қарашли 8-автобус саройи ҳамда 2-автобус саройининг айрим автобусларига синов тариқасида видеокузатув мосламалари ўрнатилган.

Бу мослама 15 кундан 30 кунга қадар синовдан ўтказилади ҳамда ҳозирда тест сифатида қўйилган икки йўналишдаги икки хил видеокузатув мосламаларидан бири танлаб олинади ва қолган барча Автобус саройларидаги йўналиш автобусларига қўйилади.

Видеокузатув мосламалари автобуснинг олди қисми, ён қисми, орқа томонини тўлиқ кузатиб, ёзиб олади. Бундан ташқари эшикларнинг ичкари юқори қисмига эса йўловчиларнинг сонини ҳисоблаб борадиган камера ҳам ўрнатилган. Бу камерани ўрнатилишидан асосий мақсад, қайси йўналишда қанча йўловчи ҳаракат қилмоқда, автобуслар сонини ошириш керакми ёки аксинча деган саволга осонлик билан жавоб олиш экани таъкидланди.

Агарда бу синов ижобий натижа берадиган бўлса, яқин вақт оралиғида барча жамоат траспортларида камералар ўрнатилади.

Ўз мухбиримиз

Мукофот муборак, ҳамкасб!

Juma, 18 Yanvar 2019

СОЛИҚ ИСЛОҲОТИ КОНЦЕПЦИЯСИ

Хабарингиз бор, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 29 июндаги фармони билан Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Ўзгаришлар жорий 2019 йил 1 январдан кучга кирди. Албатта у кенг жамоатчилик муҳокамаси натижалари ҳамда Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва халқаро экспертларнинг тавсияларидан келиб чиқиб, солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш вазифаларини амалга ошириш мақсадида қабул қилинди. Шу мазмундаги тушунтириш ва тарғиботни корхоналардаги молия ва бухгалтерия каби мутасадди бўлимларга етказиш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятида ўқув семинар бўлиб ўтди. Унда мутасаддилар барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш, шундан 0,1 фоизини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириш, фуқароларнинг айрим тоифалари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолиниши, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиш каби масалаларга тушунтириш беришди.

Ўз мухбиримиз

Жамоат маданиятидаги уч омил:

Ҳайдовчи, чиптачи ва йўловчи

Кўчага чиқдикми, ҳар биримиз йўл ҳаракати иштирокчисимиз. Шу боис ўз соғлиғимизни муҳофаза этиш учун ҳам йўл қоидаси талабларига риоя қилишимиз лозим бўлади. Бу тўғрида қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ёки қонун кимнидир жазолаш учун эмас, балки йўлларимизда хавфсизликни таъминлаш учун қабул қилинади. Унинг ижроси эса сизу биз­га боғлиқ. Мақсадимиз ҳуқу­қий демократик давлатда шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларга транспорт хизматини кўрсатиш экан, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолиши жоиз.

Йўл ҳаракати қоидаларини тартибга солувчи идоралар маълумотига кўра, кейинги пайтларда мамлакатимизда транспорт воситасини бошқаришда телефондан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик сони анча ўсгани қайд этилган. Телефонда гаплашиш ҳайдовчининг диққат-эътиборини чалғитиши билан йўл ҳаракати хавфсизлигига жид­дий таҳдид солади. Шу­нинг учун бу турдаги ҳуқуқ­бузарлик учун жавобгарлик кучайтирилган.

Кейинги масала кишиларнинг жамоат жойларида жумладан автобусда ўзини тутиш ва ахлоқ-одоб нормаларига амал қилиш билан боғлиқ. Гарчи ёшлар ёши улуғларга жой беришидек ёзилмаган қоида амалда бўлса-да, автобусда бу қадрият сал-пал унутилаёзгандек таассурот уйғотади. Бу борада телевиденияда ижтимоий реклама роликлари тайёрлаш, йўлдаги реклама баннерларида катталарга жой бериш мазмуни акс этган эълонлар ҳам қўл келади. Шунингдек, автобусларнинг кириш-чиқиш жойларида инсоний фазилатларни улуғловчи ҳикматлар, қадриятларимизни эсга соладиган даъватлар бўлса нур устига аъло нур. Автобус салонлари тарбия воситаларидан бири сифатида мавсумий тадбирлар даъватидан ташқари барчабоп эълон ва муҳим маълумотлар бериб борилса, айни муддао-ку!

Автобусда айрим чиптачиларнинг қўпол муомаласи баъзан кайфиятимизни тушириб юборади. Куни кеча 28-йўналишдаги автобусда ишга кела туриб, шундай воқеанинг устидан чиқдик. Дарсдан қайтаётган 9-10 ёшдаги ўқувчи бола автобусга чиқдию шу заҳоти чиптачи йигитнинг “ўлжа”сига айланди. “– Ҳой, бола, қани йўл пулини тўлаб қўй-чи, дарров”, – дея ўдағайлашга тушди у. Ўқувчи боланинг кўзлари жавдираб, ранги оқарди. “– Пулим йўқ эди, – деди у йиғлаудек бўлиб. – Пулинг бўлмаса, қани, тез автобусдан туш-чи”, – деди у. То биз у учун пул чиқариб бергунимизча, бола бечора автобусдан тушиб югуриб кетиб қолди. Юрагимга оғриқ кирди. Наҳотки, энди бир боланинг йўл кираси йўқлиги уни мактабга кеч қолишига сабаб бўлса. Бундай вазиятда ҳайдовчи ҳам, чиптачи ҳам ўз фарзандини ана шу боланинг ўрнига қўйиб, мулоҳаза қилиб кўриши керак. Чунки бола алдамайди. Алдаса кўзидан билдириб қўяди. Шундай вазиятда боланинг қалбини ўкситиб, руҳан мажруҳ қилиб қўймаймизми? Одамнинг ичини қаёқдан биламиз?! Беш қўл баробар эмас-ку! Чиндан ҳам ўша бола кам таъминланган, боқувчисини йўқотган бўлса-чи?!

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Ҳайдовчи, чиптачи ва йўловчи маданияти ҳақида гап кетар экан, кўплаб содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларига ножоиз асабийлик ва маданиятсизлик ҳам сабаб бўлаётганини тушунишимиз лозим. Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХ бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлим, бўлинмалари томонидан автомобиль йўлларида йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида ҳайдовчилар билан бугунги кунда йўловчи ташиш фаолиятидаги шарт-шароитлар ва имкониятларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилган ҳолда тарғибот суҳбатлари ҳам ўтказилмоқда. Бу мақсадда рейдлар ташкил этилиб, улар давомида йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчилар аниқланмоқда ва уларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаётир. Айнан лицензиясиз йўловчи ташиш “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятига, умуман мамлакат иқтисодиётига ва ҳатто жамият маданиятига зарар келтираётганини ҳам унутмайлик. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом тасдиқланган. Қарорга кўра, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб лицензия ва лицензия карточкаларини электрон шаклда расмийлаштириш тизими жорий этилади.

Ўтган 2018 йилда Жамият ишонч телефонларига 200 дан ортиқ мурожаат тушган бўлиб, уларнинг асосий қисми ҳайдовчи ва чиптачиларнинг қўпол муомалада бўлиши, автобус салони санитария талабларига риоя қилмаслик (тамаки чекиш), бошқарув пайтида уяли телефондан фойдаланиш, бекатларда тўхтамаслик каби қоидабузарликлардир.

Барча айбларни ҳайдовчи ва чиптачиларга ағдариб қўйиш ҳам адолатдан эмас. Айрим йўловчилар пиёдалар ўтиш жойидан телефонда гаплашган кўйи, гарчи пиёдалар учун светофорнинг қизил чироғи ёниб турган бўлса-да, ҳеч нарсага эътибор бермасдан ҳаракатлана бошлаганига кўп кўзимиз тушади. Шунда ўз-ўзидан бир зумда тирбандлик юзага келди. Ҳайдовчилар бир-бирини айблаб гап талашишади. Оқибатини тасаввур қилаверинг. Кўчадан ўтиб олган ҳақиқий айбдор эса ҳамон телефонда гаплашган ҳолда содир бўлган ҳодисага бир кўз ташлайди-ю, бунга ўзини заррача айбдор ҳисобламасдан йўлида давом этади.

Айрим ривожланган жориж мамлакатларида эса аҳвол ўзгача. Узоққа бормайлик, Россиядаги ҳолатни мисол келтирадиган бўлсак, ўша давлатдаги одамлар сайр қиладиган бульвар(сайилгоҳ)да бўлдик. Бульварнинг ўртасидан автомобиль йўли ўтган. Пиёдалар йўлдан ўтиши учун светофор ҳам ўрнатилган. Кузатиб шунга амин бўлдикки, гарчи ўша йўлдан автомобиллар аҳён-аҳёнда ўтса-да, пиёдалар светофорнинг қизил чироғида ҳеч қачон ҳаракатланишмайди. Ана энди шундай ҳолатни ўзимизда тасаввур қилиб кўраверинг! Бизда эса бундай воқеаларнинг аксинча ҳолатига тез-тез гувоҳ бўламиз. Нега шундай, чунки бизда пиёда маданияти, пиёда одоби шаклланмаган. Кўплаб хорижий давлатларда гувоҳ бўлганимиз,­ шиналар кам ҳаракатланадиган жойларда керак бўлса фарзандларимиз чиқиб ўйнаса ҳам парво қилмаймиз.

Ҳайдовчи ва пиёда билан бўладиган кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Буни бугун барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Республикамиздаги айрим бозорларнинг олдидаги йўлларга баланд панжаралар ҳам ўрнатилди. Мақсад пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг автомобиль йўлидан эмас махсус ерости йўлларидан бемалол ҳаракатланишини олиб боришдир. Биз пиёдалар эса нима қилаяпмиз, жонимизни икки марта хатарга қўйиб бўйимиздан баланд панжарадан ошиб ўтамиз. Энг ажабланарлиси, ана шундай панжарадан мана инсонларнинг энг одоблиси деб қўлимизни бегиз қилиб, намуна қилиб кўрсатадиганларимиз ҳам “қовун туширади”. Бундай дейишимизга тўла асос бор. “Абу Сахий”, “Отчопар” бозори атрофидаги ҳолатни кўриб маданиятсизлигимизга ачиниб кетасиз. Айниқса, жума куни жума намозини ўқиш учун йўлнинг нариги юзидаги жоме масжидига шошилган одамлар тўдаси панжаралардан ошиб югураётганини кўрсангиз қўрқиб кетасиз. У ерда тирбандлик юзага келиб, асабийлашган ҳайдовчилар йўл-транспорт ҳодисасини содир этишига бир баҳя қолади. Яна булар адаб масканига, ибодатини комил адо этишга шошилётган бўлади. Наҳотки Аллоҳнинг уйига хато ва қоидаларни бузиб етиб борилса. Бу тўғрида ўша қавмга имом домлалар насиҳат қилиб қўйсалар яхши бўларди. Бундай қоидабузарликдан Чорсу бозори атрофи ҳам мустасно эмас. Афсуски, бу тоифа пиёдалар оз эмас, жуда кўп...

Хуллас, жамоат жойларда асқотадиган одобимиз шаклланмас экан, автомобиль йўлларида дуч келган жойдан ҳаракатланаверамиз, бу эса мудҳиш автоҳалокатларнинг сони ортишига сабаб бўлаверади.Мамлакатимиз, шаҳримиздаги пиёдалар ҳаракатидан бугун шундай хулоса қилиш мумкинки, йўловчи сифатида маданиятимизда ҳали кўп ноқисликлар бор. Буни эса тезроқ муолажа қилишимиз даркор бўлади.

Ш.Жаббор

Juma, 18 Yanvar 2019

Шаҳар жамоат транспорти равнақи ёхуд тараққиёт сари йўлга чиқаётган карвон

Ҳозирги кунда шаҳар жамоат транспорти жамият ҳаётида ўз ўрнига эга. Хусусан, шу кунларда пойтахт жамоат транспортида мисли кўрилмаган ўзгариш ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жамоат транспорти таркиби хорижда ва ўзимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий автоуловлар билан тубдан янгиланди. Йўловчиларга қулай, тезкор, хавф-хатарсиз ва сифатли транспорт хизматини кўрсатишни олий мақсад деб билган соҳа вакиллари бу йўлда эзгу амаллар билан зиммаларидаги юксак вазифани адо этишга ҳаракат қилмоқдалар. Шу маънода, корхона турмуш тарзи, соҳада амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиликлар ҳақида “Тошйўловчитрансхизмат” унитар корхонаси директори Аъзам Абдуллаев билан суҳбатлашдик.

— Аъзам ака, аввало сиз билан соҳадаги тарихий ўзгаришлар ва янги 2019 йил бошида суҳбатлашаётганимиздан мамнунлигимизни изҳор қилмоқчиман. Ўтган 2018 йилни жамият жамоаси қандай меҳнат натижалари билан якунлади? Ўтган йилнинг сабоқ бўларли ва сабоқ оларли жиҳатлари Сизнингча нималардан иборат?

— Бугунги кунда ижтимоий ҳаётимизни автомобилларсиз, айниқса, шаҳар йўловчи транспортисиз тасаввур этиш қийин. Пойтахтнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида шаҳар йўловчи транспортининг ўрни беқиёс. Ана шундай машаққатли, шу билан бирга шарафли вазифани бажариб келаётган корхонамиз шаҳримиз аҳолиси ҳамда пойтахтимиз меҳмонларига маданиятли ва сифатли транспорт хизмати кўрсатиб келмоқда. Статистикага кўра, шаҳримизда йўловчиларнинг 60 фоизи жамоат транспортларидан фойдаланади. Жумладан, ўтган йилда қарийб 250 миллион нафардан зиёд йўловчига хизмат кўрсатишга эришилди. Албатта, йўловчиларнинг 80 фоиздан ортиғи автобусларда ташилди. Келинг, энди, шу ўринда ўз ходимларимизга қилинган хизматни ҳам эътироф этиб ўтай. Ўтган йилда ходимларимизнинг умумий ойлик маоши 1 399 109 000 сўмни ташкил қилди. Уларни моддий рағбатлантириш, қийналиб қолганида ҳарна ёрдам бўлиши мақсадида берилган моддий ёрдам эса 64 193 200 сўм миқдорда бўлди. Айниқса, ишчи-хизматчиларни моддий рағбатлантириш учун 457 465 600 сўм мукофот пуллари ажратишимиз уларни кўп хурсанд қилди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, корхонада кўп йиллар давомида ишлаб, нафақага чиққан ходимларга 8 100 000 сўм мукофот пули берилди. Ўтган 2018 йил давомида ходимларимиз учун 641 389 243.47 сўмга ойлик йўл чипталари “Давлат белгиси” ДИЧБдан сотиб олиб берилган.

Бундан ташқари корхонанинг моддий - техник базасини мустаҳкамлаш ва АСОП тизимини йўлга қўйиш мақсадида 4 дона 27 600 000 сўмга компьютер техникаси сотиб олинди. Шунингдек, яна 40 943 393.46 сўмлик канцтовар ва хўжалик буюмлари сотиб олинди. Корхона автотранспорт воситаларини таъмирлаш ишлари учун 45 475 815 сўм пул маблағи ажратилган. Кўп хайрли ишлар албатта моддий неъмат, яъни муайян маблағ ҳисобига амалга ошади.

-          Хабарингиз бор, корхонамизнинг футбол клуби ўтган 2018 йилда яхши натижаларни қўлга киритди. Нафсиламрини айтганда, ҳатто бу ҳам моддий рағбатлантириш туфайли юқори кўрсатгичга чиқа олади. Айтинг-чи, клубни кучайтириш ёки таъбир жоиз бўлса рағбатлантириш мақсадида нималар қилинди?

-                   Ҳа. “Автомобилчи” футбол клуби Тошкент шаҳар кубоги баҳсида иккинчи ўринни эгаллагани ва футбол мусобақаларида фаол иштирок этиб, совринли ўринларга эга бўлгани учун, футболчиларимизга ва бу йўлда жон койитган корхонанинг баъзи ходимларига 33 200 000 сўм миқдорида пул мукофоти берилди. Бундан ташқари ходимларнинг малакасини ошириш мақсадида 593126 сўм сарфланди. Шунингдек, ишчи-хизматчиларимизнинг дунёқарашини маънавий - маърифий юксалтириш мақсадида 1 200 000 сўмлик миқдорда маблағ сарфланиб, маърузалар уюштирилди. Корхонамиз касаба уюшмаси ишларини ривожлантириш мақсадида 16 000 000 сўм пул маблағи ажратилди. “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятининг буйруғига асосан кам таъминланган ва нафақадаги фуқароларга корхонанинг бошқа даромадлари ҳисобидан 2 233 000 сўм миқдорида ойлик йўл чипталари ажратилган. Яна ходимларимизнинг фарзандларига янги йил совғалари ва янги йил байрамига чипталар тарқатилди.

-                   Йўл чипталари ва унинг шоҳобчалари тўғрисида маълумот бериб ўтсангиз.

-                   Шаҳримизда йўл чипталарини сотадиган 89 та шохобчамиз бор. Ҳозирги кунда шу шохобчаларнинг эскиларини таъмирлаб, замон талабларига мос янгилаяпмиз. Ўтган йили 765 минг 837та йўл чипталари сотилган. Имтиёзли йўл чипталари ҳам мавжуд бўлиб, булар – талабалар, ўқувчилар ва пенсионер, ногирон шахсларга чегирма қилиб сотилади. Йўл чипталари тугаётган ойнинг 20 –санасидан бошлаб, бошланагн ойнинг 15 санасигача сотилади.

-                   Айтинг-чи, ҳар бир корхонада “йиллик фойда” деган тушунча бор. Шу фойда ва даромадлар қандай мақсадларга сарфланади? Янги режалар ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз.

-                     Аввало, давлатимиз раҳбарияти томонидан шаҳар жамоат транспортини қўллаб-қувватлаш мақсадида маълум миқдордаги молиявий ёрдам кўрсатилиб келинмоқда. Жумладан, ушбу молиявий ёрдам имтиёзли нархларда ойлик йўл чипталаридан фойдаланган ҳолда йўловчиларни ташишдан олинмай қолинган даромадларни, жамоат транспортидан имтиёзли равишда, яъни бепул, фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолига кўрсатилган транспорт хизматлари ҳаражатларини, керак миқдорда автобусларларининг харид қилиниши учун жалб қилинган кредитларни қоплашга ҳамда корхонани модернизация қилиш ва автобусга сервис хизмат кўрсатиш, иншоотларни бунёд қилиш ва уларни таъмирлаш учун йўналтирилади. Дарвоқе, муҳтарам президентимиз ушбу янги — 2019 йилни “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деган таклифни бежиз эълон қилмадилар. Айни пайтда мамлакатимизда фаол инвестицион муҳит пайдо бўлган. Бу йил ҳам хорижлик ҳамкасбларимизнинг таклифлари ўрганиб чиқилиб, манфаатларимизга хос бўлганларини ҳаётга татбиқ этиш ниятимиз бор. 2019 йилда режамиз шаҳар жамоат транспорти хизмат сифатини яна яхшилаш, янги технологиялар воситасида ойлик, ҳафталик режалар ишлаб чиқиш, йўл ҳақи тўловини автоматлаштириш тизимига ўтиш ва бошқалардир. Шу кунларда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти Тошкент шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорликда йўл ҳақи тўловини автоматлаштириш устида иш олиб бормоқда. Бунда LG CNS (Корея), Korea Telecom (Корея), LOTTE Group (Корея), Technobiz Transpay Pte Ltd (Сингапур), KentKart (Турция) каби хорижий компанияларнинг илғор тажрибасини ўрганиб ўзимиздаги «Uzcard», «Алоқа банк», «Tezсard» маҳаллий компаниялар хизматидан фойдаланамиз. Қолаверса, шаҳар архитектураси ва дизайнига, “ақлли шаҳар” лойиҳасига ва замонавий Тошкентга хос шаклда корхонамиз хизмат шохобчаларини қуриш ва аҳолининг ундан кенг кўламда фойдаланишини йўлга қўямиз.

Ш.Жаббор суҳбатлашди

Juma, 18 Yanvar 2019

ЙЎЛОВЧИЛАР ХАВФСИЗЛИГИ ҲАММА НАРСАДАН УСТУН

         Поёнига етиб бораётган 2018 йил ҳаётимизнинг барча жабҳаларида бўлгани каби “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти ҳаётида ҳам жиддий ўзгаришлар йили бўлиб қолиши шубҳасиз. Тизим ишини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган ҳаракатлар ўз самарасини бера бошлади. Маълумки, ҳар қандай муваффақият калити, бу – қатъий интизом. Шу маънода Жамиятга қарашли автобуслар бундан 4 йил бурун – 2014 йилдаёқ тўлиқ GPS тизимига ўтказилган эди. “Тошавтотаъмирхизмат” УК қошида GPS мосламаларини ўрнатиш ва уларнинг узлуксиз ишлашини таъминловчи бўлим ҳам фаолият олиб боради. Маълумки, GPS масофадан туриб транспорт воситаларини назорат қилиш имконини берадиган тизим. “MyBus” мобиль иловасининг ишга тушиши эса йўловчилар учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Аммо, шиддаткор давр ҳар биримиздан изланиш, замонга мослашиб яшаш, ишлашни тақозо этади. Шу боис, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти, мутахассислари мазкур тизим ишини янада такомиллаштириш йўлларини ахтаришди ва тендер асосида GPSнинг такомиллашган янги босқичига ўтишга қарор қилишди. Ўзбекистонда фаолият олиб борадиган маҳаллий “UZGPS” компанияси билан ҳамкорликда ишлар бошланиб кетди. Таъкидлаш ўринлики, мазкур компания хизмати республикамиздаги бир қанча йирик ташкилотларда синовдан ўтиб, мувафақиятли ишлаб келмоқда.

Бугун Жамиятга қарашли автобусларнинг каттагина қисми ушбу тизимга ўтиб бўлди. Яқин кунлар ичида эса тўлиқ янги дастурлар асосида ишлашга ўтилади.

Энди ушбу янги тизимнинг жамоат транспорти учун афзаллиги нимада, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шу кунгача ишлаб келган GPS фақат битта харитада ишларди ва у соҳага оид кўплаб муҳим жиҳатларни ўзида қамраб ололмас эди, янги “UZGPS” дастури бўйича энди 8та харитада ишлаш мумкин бўлади. Бу транспорт воситаларини тўлиқ назорат қилиш, йўналишга чиқаётган ҳайдовчининг бутун иш фаолиятини кузатиб бориш имконини беради. Бир сўз билан айтганда, энди хизмат давомидаги ҳар бир ҳолат, ҳаракат бамисоли кўзгуда акс этиб тургандек “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ қошидаги Марказий нозимлик хизмати ходимлари назоратида бўлади, бу дегани йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати янада ошади.

Ушбу янгиликнинг тўлиқ ишлаб кетиши шаҳримиз кўчаларида ҳаракатланаётган жамоат транспорти воситаларини янада кенгроқ назорат қилиш билан бирга янгидан янги лойиҳалар устида ишлаш имконини ҳам яратади.

Juma, 18 Yanvar 2019

ЯНГИ ЙИЛГА МУНОСИБ ТУҲФА

Илгари хабар берилганидек, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибидаги автосаройлардаги автобуслар сафи янгилари билан кенгаймоқда. Йил сўнгига қадар олиб келиниши режалаштирилган 72 та SAZ LE 60 ўрта сиғимдаги автобусларнинг яна 12 таси Самарқанддан Тошкентга қараб йўлга чиқди.
Шу кунгача барча қулайликларга эга бундай автобуслардан 46 таси келтирилиб, йўналишларга бириктирилган эди. Йил сўнггига қадар, яъни, мазкур ҳафта давомида SAZ LE 60 автобусидан яна 14 та олиб келинади. Улар ҳам янги йилдан шаҳримиз аҳолисига хизмат қила бошлайди.photo 2018 12 28 19 35 29

Juma, 28 Dekabr 2018

БОЛАЖОНЛАР УЧУН БАЙРАМ СОВҒАСИ

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти янги йил байрам тантаналари нишонланаётган шу кунларда ҳайрли ташаббусга қўл урди. Яъни, пойтахтимиздаги меҳрибонлик ва мурувват уйлари ҳамда мактаб интернати тарбияланувчиларидан қарийб 1 ярим минг нафардан зиёдини пойтахтимизнинг марказий майдонларида бўлиб ўтаётган байрам тадбирларида иштирок этишини таъминлади. Бунинг учун жамият таркибидаги автобус саройлари  томонидан болаларга қувонч бағишлаш мақсадида байромона безатилган автобуслар ажратилди. Жамият томонидан болажонлар учун байрам совғалари уюштирилди. Ушбу  ташаббус яна давом этади. Бундан ташқари бугундан бошлаб йўналишга чиққан автобус ҳайдовчи ва чиптачилари йўловчиларга кайфият бағишлаш мақсадида қорбобо ва қорқиз либосларида хизмат кўрсатишмоқда. Йўловчиларга ширинликлар улашилмоқда. Байрам кунлари ана шундай байрамона тарзда йўловчиларга хизмат қилиш режалаштирилганphoto 2018 12 28 19 25 41

Juma, 28 Dekabr 2018

Байрам кунлари айрим автобус йўналишлари ўзгаради

Янги йил байрами тадбирлари муносабати билан, Тошкент шаҳри аҳолиси ва мехмонларига мазмунли ҳордик чикариш, маданий дам олиш шарт-шароитларини яратиш тўғрисида Тошкент шаҳар хокимининг 2018 йил 14декабрдаги 1794-сонли қарорига асосан, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан 2018 йил 20 декабрдаги 238-сонли буйруғи қабул қилинди ҳамда қуйидаги ишлар амалга оширилди.

1) 2018 йил 31декабрда Тошкент шахридаги барча автобус йўналишлари иш режимига ўзгартириш киритилиб, иш тугаш вақти 1 соатга узайтирилди.

2) Барча автобус йўналишларидаги автобуслар янги йил байрамига мос равишда безатилмоқда, ҳайдовчиларни байрам кунлари қорбобо кийимида ишга чиқариш чоралари кўрилмоқда.

3) Янги йил байрами тадбирлари ўтказилиши мунобати билан Тошкент шахри айрим кўчаларида автотранспорт воситалари харакатини вақтинча чекланганлигини инобатга олиб:

- Истиқлол ва Зарафшон кўчаларининг ёпилиши муносабати билан, 90А, 91А, 115А-сонли йўналишлардаги автобуслар ҳаракати Навоий кўчаси орқали, “Навоий – А.Темур” кўчалари чорраҳасигача, А.Темур кўчаси (Олой бозори томонга) орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради;

- Истиқлол кўчасининг ёпилиши муносабати билан, 53А-сонли йўналиш бўйича автобуслар ҳаракати Навоий кўчаси орқали “Навоий – А.Темур” кўчалари чорраҳасигача, чорраҳадан бурилиб олиб, Навоий кўчаси орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради; шунингдек, 33А, 55А, 96А-сонли йўналишларда автобуслар ҳаракати А.Темур кўчаси орқали “Навоий – А.Темур” кўчалари чорраҳасигача, Шахрисабз кўчаси орқали ўз йўналишлари бўйлаб ҳаракатини давом эттиради;

- Себзор кўчасининг ёпилиши муносабати билан, 9А, 17А, 52А-сонли йўналишлар бўйича автобуслар ҳаракати Навоий кўчаси орқали “Навоий – Абай” кўчалари чорраҳасигача, Абай кўчаси орқали ўз йўналишлари бўйлаб ҳаракатини давом эттиради; 150-сонли йўналиш бўйича автобуслар ҳаракати Навоий кўчаси орқали “Навоий – Абай” кўчалари чорраҳасигача, Абай кўчаси орқали “Абай – А.Қодирий” кўчалари чорраҳасигача, А.Қодирий, Себзор кўчалари орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради;

- Сўгалли ота кўчасининг (Алгоритм корхонаси олдида) ёпилиши муносабати билан, 13А, 69А, 107-сонли йўналишлар бўйича автобуслар ҳаракати Заргарлик, Заргарлик 5-тор, Дийдор, Сўгалли ота, Дилбанд кўчалари орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради; 4А, 48А, 87А, 94А, 146А-сонли йўналишлар бўйича автобуслар ҳаракати Сўгалли ота, Заргарлик, Заргарлик 5-тор, Дийдор, Сўгалли ота, Дилбанд кўчалари орқали ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатини давом эттиради.

Dushanba, 24 Dekabr 2018

“ТОШШАҲАРТРАНСХИЗМАТ”АЖ ТУРКИЯ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛАДИ

Тошкент шаҳрида транспорт тизимини такомиллаштириш ҳамда хизмат сифатини яхшилаш бўйича ишлаб чиқилаётган концепцияни тайёрлашда Туркиянинг соҳага оид йирик компания ва лойиҳа институтлари билан ҳамкорлик килинади.
Илгари хабар берганимиздек бу борада “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти кўплаб мамлакатларнинг транспорт тизимига оид янгилик ва қўлга киритилган муваффақиятларни, пойтахт шароитига мос таклиф ва лойиҳаларни ўрганди. Германия, Россия, Туркия, Украина, Белоруссия, Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон ва бошқа қатор давлатларнинг транспорт соҳаси вакиллари бу борада ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.
Ушбу давлатлар орасида Туркия республикасининг жамоат транспортидаги шароит, йўловчилар учун яратилган қулайликлар пойтахт транспорт тизими талабларига мослиги сабаб концепцияни ишлаб чиқишда ушбу мамлакат мутахассислари билан ҳамкорлик қилишга қарор қилинди.

ukraw

Payshanba, 19 Dekabr 2018
Page 1 of 26
Avtobus buyurtmasi
1062 Ishonch telefoni
mg.uz
my.gov.uz
tshtx.uz 

Foydali resurslar

edportal  fondbozori
gov.uz my.gov.uz
lex.uz cert.uz dc.uz
gis.uz strategy.gov.uz Ctrl+Enter

Aloqa uchun muloqotlar

Umumiy bo'lim
Tel.: (+998 71) 233-89-21
Faks: (+998 71) 233-34-40
Xorijiy hamkorlar bilan muloqot qilish uchun telefoni / Phone for communication with foreign partners: (+998 71) 233-52-63

Yangiliklarga obuna boling

Xozir saytda 1054 mehmon

Yandex.Metrika

 

Click to listen highlighted text! GSpeech